Қорақалпоғистонда тадбиркор ва фермерларнинг имкониятлари ўрганилмоқда

Жорий йилнинг 8-9 февраль кунлари Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги томонидан Нукус туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг тадбиркор ва фермерлар ўртасидаги тарғиботига қаратилган амалий семинар ташкил этилди.

Учрашувда Агентлик раҳбари Ҳусниддин Каримов республикада мева-сабзавотчилик соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сақлаш, хизмат кўрсатиш ва сотиш жараёнларини ўзаро интеграция қилиш, кластерлар ва кооперациялар фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш юзасидан тушунтириш ишларини олиб борди.

Ҳозирда Агентлик томонидан сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларинг талаблари ўрганилиб, 100 млн дона экспортбоп сабзавот-полиз кўчатлари иссиқхоналарда етиштирилмоқда.

Семинарда мева-сабзавот маҳсулотлари турини танлашда деҳқон ва фермерларнинг етарлича даромад олишига имкон берадиган, ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мосини танлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш, ҳудудлар талабидан келиб чиққан ҳолда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.