Маҳсулот етиштириб, кейин харидор излаш амалиётидан воз кечамиз

Президентимизнинг куни кеча имзоланган «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари фаолиятини ривожлантиришда янги имкониятлар очмоқда.

Сабаби деҳқонга нима етиштириш бўйича буюртма беришдан бошлаб, етиштирилган маҳсулотларнинг ҳўл ёки қайта ишланган ҳолда савдо дўконларига етказиб боришгача бўлган тизимни битта ташкилот мувофиқлаштиришга имкон беради.

Қарор билан юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш борасидаги режалар ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ҳусниддин Каримов сўзлаб берди.

«Ҳозирга қадар олдин маҳсулот етиштириб, кейин харидор излаган бўлсак, энди бу амалиётидан воз кечмоқчимиз, – дейди Ҳ.Каримов. – Бунинг учун ички бозор, қайта ишлаш корхоналари ва хорижий давлатлар талабини ўрганаяпмиз. Ўрганиш натижасида, етиштириладиган маҳсулот учун ички бозорга супермаркетлар тизими, музлатгичли омборхоналар ва қайта ишлаш корхоналари билан, экспортга эса экспортёр корхоналар ва хорижий компаниялар билан фьючерс шартномалари асосида маҳсулот етиштиришни ташкил қилиш чораларини кўрамиз»

Мева-сабзавот маҳсулотлари турини танлашда деҳқонларнинг етарлича даромад олишига имкон берадиган ҳамда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мосини танлашга ҳам эътибор қаратилади.

Ишларимиз самарадорлигини янада ошириш учун эса аввало, боғ ва токзорларни қайтадан тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, ҳосилдорлиги паст, маҳсулотига талаб юқори бўлмаган, эскирган боғлар ўрнида маҳсулотига талаб юқори бўлган замонавий боғ ва токзорлар барпо этишга ҳаракат қиламиз. Бу жараёнда интенсив боғ ва токзорлар барпо этишга яроқли ер участкаларини танлаш ва очиқ танловга чиқаришга кўмаклашамиз.

Қарорда белгилангани каби мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш қувватларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудлар талабидан келиб чиққан ҳолда янгиларини қуриш чораларини кўришимиз керак бўлади. Бунда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу жараёнда давлат бюджетидан ажратилаётган кредитлар доирасида тижорат банклари билан биргаликда мева-сабзавотчилик йўналишидаги лойиҳалар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

ЎзА